Беш та туман ғалла топшириш режасини ошириб бажарди

Жорий йил ғалла топшириш мавсумида республикамизнинг қатор туманлари давлат олдидаги муҳим вазифани юқори даражада бажариб, ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди.
Амударё тумани биринчилардан бўлиб режани тўлиқ ва ортиғи билан бажарган ҳудуд бўлди. Туманда 11130 тонна ғалла топшириш белгиланган бўлиб, фидойи деҳқонлар ва фермер хўжаликларининг тинимсиз ҳаракати билан режа 117 фоизга бажарилди. Бу эса 13 минг тоннадан ортиқ ғалла етказиб берилганини англатади.
Элликқалъа тумани деҳқонлари ҳам самарали меҳнат намунасини кўрсатиб, белгиланган 8810 тонна ўрнига режани 106,6 фоизга бажарди.
Беруний тумани эса худди шу миқдорда, яъни 8810 тонналик режани 105,4 фоизга бажариб, умумий натижага салмоқли ҳисса қўшди.
Тахиатош тумани белгиланган 2635 тонна ўрнига режани 125 фоизга бажарди.
Мўйноқ тумани ҳам ортда қолмади. Туман ўзига юклатилган режанинг 101 фоизини бажаришга эришди. Бу ерда ҳам мўл ҳосил олиш ва уни ўз вақтида топшириш учун барча имкониятлар ишга солинди.
Чиндан ҳам туманларда ғалла топшириш жараёни тизимли ва босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бу ютуқлар – заҳматкаш деҳқонлар, фидойи агрономлар, сувчилар ва бошқа мутахассислар меҳнатининг самарали натижасидир.
Бу ютуқлар ғалла етиштиришда аграр сиёсат тўғри йўлга қўйилганидан ва фермер хўжаликларига кўрсатилаётган амалий ёрдамлардан далолат беради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги