Муаммолари адолатли ҳал этилган юрт обод бўлади

Буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий «Одамни қийнаб келаётган муаммолар адолатли ҳал этилиб, унинг қадри жойига қўйилса, албатта, эл шод, мамлакат обод бўлади,» деб ёзган эди.
Дарҳақиқат, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина жамият ва давлат биргаликда барқарор ривожланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев «Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Шунинг учун инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда ҳам давлат ҳокимияти органларининг Конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлиши шарт.»
Юртбошимиз айтганиндек сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг тинч ва фаровон турмушда яшашини таъминлаш йўналишида кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби, Нукус шаҳридаги Боғчилиқ маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам сўнгги йилларда инсон қадрини юксалтириш борасида илгари тарихда бўлмаган эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
-Йиғин ҳудудида бугунги кунда 517 хўжаликда 2897 аҳоли яшайди,-дейди йиғин раиси Абзатдин Даулетов.-1977-78 йилларгача бу ҳудуд Нукус туманига қарашли бўлиб, уйлар қишлоқдаги хўжаликлар сингари тарқоқ жойлашган. Кейинчалик ҳудуд Нукус шаҳрига қўшилгач, бу ерда хонадонлар сони кўпайиб, кўплаб уйлар ноқонуний равишда қурилаверган. Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони асосида, маҳалламизда яшовчи 434 та хўжаликнинг кадастр ҳужжатлари янгидан ишлаб берилди. Кўчалар тартибга келтирилиб, Наврўз, Ободонлаштириш, Балиқчи, Тотувлик, А.Қунназаров кўчалари янгидан асфалтланди. Саўир, Қипчоқ, Бахтли, Боғчилик, Шодлик кўчаларига қум-шағал аралашмаси тўшалиб, хонадонларга янгидан ичимлик суви тармоқлари тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги 52-сонли қарори асосида, ҳудудимизда яшовчи 32 та хонадон уйларининг томлари шиферлаб берилди.

-Бундан 20 йил олдин умр йўлдошим вафот этиб, уч фарзандим билан қолган эдим,-дейди Кўмекбай Балтаниязов.-Ўшандан бери, уйнинг ташвиши билан уйимизни шиферлай олмай келаётган эдим. Мана, бугун Тошкент шаҳри ҳомийлиги ва Нукус шаҳри ҳокимлиги кўмаги билан уйимизга янгидан шифер қоқиб берилмоқда. Бунинг учун ҳурматли Президентимизга, республика раҳбарлари, шаҳар ҳокимлиги ва йиғин оқсоқолига катта раҳмат айтаман.
Чиндан ҳам инсон қадри энг олий қадрият бўлган юртимизда бундай эзгу ишлар ҳар куни амалга оширилмоқда. Бу эса, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, уларни янги ташаббусларга чорламоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси