Тадбиркорлик ва янги имкониятлар

308

Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётда тадбиркорлар муҳим рол ўйнайди. Сўнгги йилларда улар учун яратилаётган қулайликлар ва имкониятлар натижасида маҳаллий брендлар халқаро бозорларда ўз ўрнини топмоқда. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш эса барқарор ривожланишни таъминлайди.

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Т.Нурметов Беруний туманидаги тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди ва уларнинг муаммоларини ўрганди. Учрашувдан кейин у Тўқимачи маҳалласида жойлашган “Олтин саодат асри” МЧЖ фаолияти билан танишди. Мазкур корхона 2019 йилдан буён қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Ҳозирда унинг маҳсулотлари нафақат маҳаллий, балки бошқа ҳудудларга ҳам етказилмоқда. Шунингдек, корхона 40 дан ортиқ ишсиз фуқарони иш билан таъминлаган.

Корхона раҳбари фаолиятини кенгайтириш мақсадида Президентнинг 10-сонли фармони асосида Тўқимачи маҳалласида 0,09 гектар ерни инвестиция киритиш шарти билан ажратиб бериш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу масала бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги