Депутатлар тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганмоқда

301

Хусусан, ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашига сайланган депутатлар Шароф Сапаров, Мунира  Матмуратова, ЎзЛиДеП Қўнғирот тумани Кенгаши аппарат раҳбари  Гулжан Иембергенова  ҳамда тиббиёт ходимлари фаоллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ тумандаги хусусий тиббиёт муассасаси бўлган “KARDIO-KUNGRAT” клиникаси фаолияти билан яқиндан танишди.  

Таъкидлаш жоизки, мазкур тиббиёт муассасаси МРТ, УЗД, ЭКГ, ЭхоКГ, ХолтрЭКГ, лаборатория, физиотерапия, стационар  кардиология,  болалар терапияси ва стоматология мутахассисликлари бўйича фаолият олиб бормоқда.

Юлдашова Гулистан таъсисчилигида фаолият юритаётган клиника  20 ўринли бўлиб, ҳозирда 20 нафар беморлар даволанмоқда. Клиникада аҳолига 4 нафар олий маълумотли шифокор, 5 нафар ўрта тиббиёт ҳамшираси ҳамда 1 нафар санитар ходимлар хизмат кўрсатиб келмоқда.

Марказ капитал таъмирланганлиги, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланганлиги, мутахассислар малакасини ошириш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилганлиги натижасида туман аҳолисига самарали хизмат кўрсатиб келмоқда.

Депутатлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ўрганиш жараёнида марказдаги иш жараёнлари, касалликларга чалинган беморлар билан ишлаш, тиббиёт ходимларининг ўз ишига муносабати, масъулияти билан яқиндан танишди. Беморлар билан бевосита суҳбатлар ўтказилди. Беморлар касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва профилактикаси бўйича марказда амалга оширилаётган ишлардан мамнун эканликларини билдирди.




– Клиника биносининг мослаштирилганлиги, замонавий ва илғор тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги, энг муҳими, беморлар учун зарур қулайлик, шарт-шароитлар яратилганлиги эътиборга молик, – дейди Халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгаши депутати, Қўнғирот темир йўл шифохонаси бош шифокори  Шараф Сапаров .– Яқинда хориждан замонавий эхокардиография ва Холтер ЭКГ аппаратлари олиб келиниб, ишга туширилгани марказ имкониятларини янада кенгайтиради. Чунки аввал бундай аппаратга тушиш учун қўнғиротлик беморлар пойтаҳтга борган. Эндиликда бунга ҳожат қолмади, беморлар юрак-қон томир касаллиги  муолажасини шу ернинг ўзидан олиши мумкин. Бундан албатта, туман аҳолиси, беморлар, шифокорлар беҳад хурсанд.

Клиникада ютуқлар билан бир вақтда айрим муаммолар ҳам йўқ эмас.  Хусусий клиника бошлиғи Гулистан Юлдашованинг айтишича, замонавий аппаратлар юқори қувватдаги электр қувватини талаб қилади. Шу сабаб клиникага  трансформатор ўрнатиш зарурлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, тадбиркор томонидан қўшимча жиҳозлар сотиб олиш ҳамда фаолият турларини кенгайтириш мақсадида қўшимча имтиёзли кредит олиш истаги билдирилди. Депутатлар ушбу масалани ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга мурожаат қиладиган бўлди.

Касалликни даволашдан кўра олдини олган мақсадга мувофиқ. Шу сабабли депутатлар шифокорларга касаллик профилактикасини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.

Депутатлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ жойларда ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги