МДҲнинг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро Кенгашининг 67-йиғилишида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров раҳбарлигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Халқаро учрашувда Кенгаш таркибига аъзо миллий идора раҳбарлари ва экспертлари, МДҲ Ижроия қўмитаси, Стандартлар бюроси вакиллари томонидан стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация соҳалари фаолиятини такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этилиб, манфаатли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, илмий-техникавий ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Нуфузли тадбир доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Жуманазаров Беларусь Республикаси Госстандарт қўмитаси раиси Моргунова Елена Михайловна билан ҳам учрашув ўтказди. Унда савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни синов ва сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратишга эътибор қаратилди.

Учрашув натижасига кўра, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация, ахборот-коммуникация технологиялари ва бозор назорати соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга келишиб олинди.

Йиғилиш доирасида буюк алломаларимизга бағишланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда “Метрология ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк Шарқ алломалари” ва Алишер Навоий асарларида илгари сурилган илмий ва фалсафий қарашлар, чуқур таҳлилий ёндашувларнинг аниқ манбаларга таянгани ва ушбу китоблар ўқувчи тафаккурининг бойишига хизмат қилиши таъкидланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА