Остонада “Хитой – Марказий Осиё” ахборот агентликлари форуми бўлиб ўтди

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ахборот агентликлари форуми бўлиб ўтди. Тадбирда “Синьхуа” ахборот агентлиги, Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси, Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги, Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги, “МЕDIА ТURKMEN” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА раҳбарлари иштирок этди.
Форумга раислик қилган “Синьхуа” ахборот агентлиги бош директори Фу Хуа Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинь ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро алоқаларда янги тарихий имкониятлар ва истиқболлар очилганини алоҳида қайд этди. Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ахборот агентликлари зиммасига “Марказий Осиё-Хитой руҳи”ни илгари суриш, минтақанинг жадал ривожланишига кўмаклашиш, умумий тарихимизни биргаликда тарғиб қилиш, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги гуманитар алмашинувлар ва цивилизацияларни ўзаро ўрганишга ёрдам бериш, инновациялар ҳамда медиатехнологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот агентликлари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш, Хитой ва Марказий Осиёнинг умумий тақдирга эга ҳамжамиятини яратишга ҳисса қўшиш каби вазифалар юклатилган.
Марказий Осиё давлатлари ахборот агентликларининг масъул вакиллари ушбу анжуман ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлаб, Хитой оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Синьхуа” ахборот агентлиги билан ўзаро алмашинувлар ва ҳамкорликни янада кенгайтириш, биргаликда “Марказий Осиё-Хитой руҳи”ни тарғиб қилиш, цивилизацияларни ўзаро ўрганишни илгари суриш ҳамда умумий фаровонликка эришишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов оммавий ахборот воситалари икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ушбу форум асносида Марказий Осиё ва Хитойдаги медиа ҳамкорлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий хавф-хатарларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилиш учун бир майдонда жам бўлди.
Форум иштирокчилари бугун дунё катта ўзгаришларни бошдан кечираётгани, ёлғон хабарлар тарқатиш билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келаётганига эътибор қаратдилар. Шу нуқтаи назардан, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари оммавий ахборот воситалари минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш мақсадида қулай ахборот маконини яратиш учун ахборот алмашинуви, янгиликларни тарқатиш ва технологик инновацияларни илгари суриш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириши зарур.
Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси бош директори Раушан Кажибаева муваффақиятли ўтган “Хитой — Марказий Осиё” II саммити Хитой ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўналишини белгилаб берганини қайд этди. Мазкур анжуман яхши қўшничилик, мустаҳкам дўстликнинг ёрқин намунаси бўлди. Оммавий ахборот воситалари эса саммит доирасида эришилган натижаларни қўллаб-қувватлаши ва уларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиши керак.
Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги бош директори Медербек Шерметалиев “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги уфқларни очганини алоҳида таъкидлади. Ахборот алмашинуви ва самарали ҳамкорлик барча томонларнинг холис, ҳаққоний ва тўлиқ образини шакллантиришга имкон беради.
Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги бош директори Субҳиддин Шамсиддинзоданинг сўзларига кўра, мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари катта натижаларга эришди. С.Шамсиддинзода томонлар бундан кейин ҳам коммуникациялар соҳасида кадрларни тайёрлаш, олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва креатив йўналишларни ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашишига ишонч билдирди.
“МЕDIА ТURKMEN” ахборот агентлиги бош директори Бекдурди Амансариев барча томонлар ахборот соҳасида ҳурмат, тенглик ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни йўлга қўйишда намуна бўлиши кераклигини, янги технологиялар оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик маконини кенгайтирганини таъкидлаб, янги медиа соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиши ва рақамли трансформация жараёнлари жадаллашишига умид билдирди.
Форум якунида Остона консенсуси қабул қилинди.
ЎзА