Газ тармоқлари модернизация қилинмоқда

Истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни янада яхшилаш ва газ тармоқларида газ йўқотишларини камайтириш мақсадида «Паркент тажрибаси» асосида «Автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорати баланси» лойиҳаси бўйича республикамизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу тажрибани синовдан ўтказиш мақсадида Амударё туманидаги табиий газ истеъмолчиларига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш, хўжаликларга бир текис табиий газ етказиб бериш ва табиий газда ортиқча техник йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида «Арна бўйи» маҳалласида «Паркент тажрибаси» асосида ишлар олиб борилди.
– Ҳудуддаги 503 та хўжалик тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказилиб, ҳудуддаги 18,7 километр ер ости ва ер усти газ тармоқлари тартибга келтирилди, – дейди Амударё тумани газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Санжар Раҳимбоев.
Шунингдек, газ таъминотида ортиқча техник йўқотишларнинг олдини олиш, газ тармоқларидаги газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш, истеъмолчиларга бир текис табиий газ етказиб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яна ушбу ҳудуддаги маҳаллалардаги хонадонларга лойиҳа доирасида газ таъминоти тизими тубдан янгиланиб, ҳар бир хонадонга замонавий энергия тежамкор газ ускуналари ўрнатилиб, газ ҳисоблаш ускуналарига регуляторлар ўрнатилиб уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилди.
Маҳаллага кираверишдаги газ тақсимлаш пунктига газ ҳисоблагич ўрнатилиб, барча кўчаларга назорат тизими йўлга қўйилди.



Ушбу автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорати баланси тизими ишга туширилишининг асосий мақсади – йиллик газ йўқотишларининг олдини олиш, шунингдек, истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ таъминотини янада яхшилашдан иборат.
Бу борадаги чора-тадбирлар жойларда давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги