Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми ўтказилади

Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари қадимий Хива шаҳрида “Янги уфқларни излаб: мулоқотдан ҳамкорликдаги ҳаракатларгача” мавзусида биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми ўтказилади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси аъзолари ҳамда икки мамлакатнинг Ёшлар парламентлари вакиллари иштирок этади.
Форум мақсади парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.


Форум якунлари бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, устувор соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма ташаббусларни самарали амалга ошириш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири