Ғўза парвариши кечиктирилмаслиги зарур

Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ғўзани чилпиш (чеканка) жараёнларига бағишланган кўргазмали ва амалий семинарлар ўтказилмоқда. Элликқалъа туманидаги «Сахтиён азамати» фермер хўжалиги ҳудудида ғўзани чилпиш (чеканка) жараёнларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Ш.Тешаев, туман ҳокими, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, тегишли ташкилотлар вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчилар ғўза парваришининг муҳим агротехник босқичларидан бири – чилпиш усулларини амалда кузатиб, уларнинг афзалликлари билан яқиндан танишди. Маълумки, чилпиш ҳосилнинг эрта ва бир текис пишишини таъминлайдиган муҳим агротехник тадбир бўлиб, у ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга мутахассислар томонидан тўлиқ жавоб берилиб, амалий таклифлар билдирилди.
Шу мазмундаги семинар «Тўрткўл пахта толаси» МЧЖ дончилик кластери далаларидан бирида ҳам ўтказилиб, унда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, фермерларга назарий ва амалий билимлар бериш асосий мақсад бўлди. Семинар давомида чилпиш жараёнини тўғри ўтказиш, ўсимлик бўйини аниқлаш, зарар етказмай ишлов бериш бўйича кўрсатмалар берилди. Фермерлар ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлди.
Беруний туманидаги Абай овул фуқаролар йиғинидаги «Ниятулла Азизбек» фермер хўжалиги далаларида ҳамда Амударё туманидаги «Тўлқин» қишлоғида жойлашган «Амат Тўраев» фермер хўжалигида ўтказилган семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Ш.Тешаев, туман раҳбарлари, аграр соҳа мутахассислари, агрономлар ва ёш мутахассислар иштирок этди.
Фермер хўжалигидаги ёндашув – илдиз атрофини юмшатиш, ортиқча шохларни сийраклаштириш, зараркунандаларга қарши биологик кураш каби агротехник тадбирлар семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.




Ушбу семинарлар орқали фермерлар нафақат амалий билимларини мустаҳкамлаб, илғор усулларни ўрганибгина қолмай, балки ўзаро тажриба алмашиш, масалаларни таҳлил қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича аниқ йўналишлар олди. Бундай ташаббуслар ҳудудларда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва барқарор ривожланишга хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги