Меҳнат низолари билан боғлик кўрилган ишлар таҳлил қилинди

336

Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан меҳнат муносабатлари соҳасида юзага келаётган низоларни ҳуқуқий асосда ҳал этиш, ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда корхона, муассаса, ташкилотлардаги меҳнат низоларининг олдини олиш мақсадида амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирда тегишли вазирликлар, давлат ташкилотлари, ички ишлар органлари ва судьялар фаол иштирок этди.

Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Ўқув-семинарнинг асосий мақсади – янги Меҳнат кодексида белгиланган нормаларнинг тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси С.Қайпназарова «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартиби» мавзусида сўзга чиқиб, маъруза доирасида иш берувчининг ташаббуси билан шартномани бекор қилишдаги ҳуқуқий асослар, суд амалиётидаги хато ҳолатлар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берди.

Тадбирда судья Н.Абдакимов  томонидан эса  «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сонли қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги Низомнинг аҳамияти» мавзусида чиқиб сўзлаб,  хизматни ўташ, тайинлаш, аттестация, таътил ва юридик ҳимоя механизмлари атрофлича таҳлил қилинди.

Шунингдек, семинарда меҳнат шартномаларини бекор қилишдаги ҳуқуқий талаблар, суд амалиётидаги ишга тиклаш ҳолатлари, ички ишлар органларида хизмат кўрсатиш билан боғлиқ меҳнат муносабатлари, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг амалий механизмлари каби муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Тадбир якунида иштирокчилар меҳнат муносабатлари соҳасидаги янгиликларнинг амалиётга татбиқ этилиши юзасидан фикр алмашди. Суд амалиётини такомиллаштириш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги низоларнинг олдини олиш, шунингдек, бундай семинарларни мунтазам равишда ўтказиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур тадбир меҳнат соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, амалиётда учрайдиган низоларнинг олдини олиш, ҳуқуқий ечимларни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги