Яқин орада тайёр қизилмия илдизи экспортга чиқарилиши кутилмоқда

320

Қизилмия илдизи таркиби фойдали элементларга бой бўлиб, уни фармацевтика соҳасида кенг қўллаб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Қизилмия  илдизи ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва саноат усулида қайта ишлашни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида республикамизда ушбу маҳсулотни етиштириш, йиғиш ва экспорт қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Республикамизда қизилмия илдизини йиғиш ва уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни экспортга чиқаришга эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишда Тахиятош туманида инвестиция асосида «Licorice Trade expo» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 3,9 млрд сўм бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида тайёр маҳсулотни экспортга чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда корхонада хитойлик инвесторлар томонидан технологиялар олиб келиниб,  муҳандислар томонидан уни қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бу ерда ҳозир ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, улар қўл меҳнати билан қизилмия илдизини саралаш ва тозалаш ишларини олиб бормоқда.

– Бу ерга ишга ўтганимга кўп бўлгани йўқ. Ишсиз, уй бекаси эдим. Иш билан таъминланганимдан хурсандман. Иш ҳақларимизни вақтида олиб турибмиз. Корхона тўлиқ ишга тушса яна кўплаб хотин-қизлар иш билан таъминланиши кутилмоқда, – дейди бригадир Базаргул Бобоева.

Корхонада қизғин иш жараёни кўзга ташланди. Яқин орада технологиялар ишга тушиб, тўлиқ иш бошланса Тахиатошдан тайёр қизилмия илдизи экспортга чиқарилиши кутилмоқда. Демак бу дегани иқтисодиётда юртимизнинг яна бир туманидан ташқи бозорга яна бир йўл очилади.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Мақсад Ҳабибуллаев олган суратлар