Рақобат қўмитаси фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда

193

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликнинг кучайтирилганидир. Ушбу ҳамкорлик соҳадаги ислоҳотларни янада самарали ва шаффоф қилишга хизмат қилади.

Мазкур ёндашувда ислоҳотлар олиб боришга Президентимизнинг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари дастуриламал бўлаётир. Ҳар икки фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан тиббий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг номуайян доирадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳавий қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ва кўрсатилаётган хизматларнинг асослилигини баҳолашга қаратилган қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий буюртмалар шакллантирилди.

Мазкур ижтимоий лойиҳалар орқали тиббиёт соҳасида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланаётганлик даражасини таҳлил қилиш, шунингдек, ушбу хизматларнинг қонунчиликка мувофиқлигини холисона баҳолашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу ташаббуслар доирасида  Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент шаҳар истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш маркази томонидан ишлаб чиқилган илғор ижтимоий шериклик лойиҳалари Қўмита томонидан қўллаб-қувватланди.

Амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматларда шаффофликни таъминлаш истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда соҳага оид ҳуқуқий онгни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик барқарорлиги ва ижтимоий лойиҳаларнинг муваффақияти мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлашга, аҳолининг турмуш даражасини оширишга ва глобал рақобатбардошликни кучайтиришга катта ҳисса қўшади.

Н.Раҳмонова, ЎзА