Ёшлар учун мазмунли саёҳат бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ва Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ томонидан ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар иштирокида «Ҳаммамиз биргамиз – Ватан мустаҳкам!» шиори остида қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари автокарвон билан Тахтакўпир туманидаги Даўқара овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қоратеран» экотуризм комплексига олиб борилди.




У ерда ёшларнинг Йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва кўникмаларини аниқлаш мақсадида викторина ўйинлари ва эстафета спорт мусобақалари ўтказилди.
Ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирган тадбирда юртимизга машҳур хонандалар томонидан тақдим этилган жўшқин қўшиқларга ёшлар рақсга тушиб, кўтаринки кайфиятда ҳордиқ чиқарди.
Ёшларга ҳақиқий байрамона кайфият улашган тадбирда ўтказилган танлов ва мусобақалар ғолиблари, фаол ёшлар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.



– Мен 2002 йилдан буён ўқитувчи бўлиб ишлаб келяпман. Бу йил ўқувчиларимдан бири Г.Муратбаева «Ёш ҳуқуқшунос» олимпиадасида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган эди. Ушбу ўтказилган тадбирда у ҳам ташкилотчилар томонидан тақдирланиб, рағбатлантирилди. Албатта, ўқувчиларимизнинг бундай ютуқлари бизни қувонтиради. Фаол ёшлар қаторида «Қоратеран»га саёҳат уюштирилиб, унда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Бу ерда ўқувчиларимиз кўплаб дўстлар, танишлар орттириб, бир-бири билан суҳбатлашиб, саёҳат қилиб кўнгилли, мазмунли дам олди, – дейди Кегейли туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабининг ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Г.Жақсимуратова.
Маълумот учун, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан республикамиздаги 452 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида яшовчи 485 нафар ёш ички ишлар органларининг 43 нафар раҳбар ходимларига бириктирилган. Бу ёшлар билан индивидуал тарзда учрашиб, уларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит ажратилишига кўмак берилмоқда. Ёшларнинг шу йўналишдаги ва бошқа 200 дан ортиқ муаммолари аниқланди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 5 ойи давомида 30 нафарга яқин ёшлар ишга жойлаштирилди, 6 нафари касб-ҳунарга ўқитилмоқда ва 36 нафар ёшнинг бошқа масалалардаги муаммолари ижобий ҳал этилди.
Албатта, ёшлар – юртимиз келажаги. Шунинг учун ҳам уларнинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг эртанги ёруғ келажагини мустаҳкамлашда, шунингдек, Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда мана, шу каби тадбирларнинг тутган ўрни муҳим.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги