Қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда ўтказишга маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

218

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси бугунги кунда валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасида бир қатор муаммолар ва ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги ва уларни бартараф этиш зарурияти юзасидан ишлаб чиқилган. Шу мақсадда Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси заргарлик соҳасидаги ноқонуний фаолиятга нисбатан жавобгарликни белгилашда ижобий қадам эканини таъкидладилар. Бозорни тартибга солиш орқали мамлакатнинг умумий иқтисодий кўрсаткичларига ижобий таъсир қилиш мумкинлиги эътироф этилди.

Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишига, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилишини қайд этдилар.

М.Комилова, ЎзА