Ўзбекистон ва Малайзия манфаатли ҳамкорликни  мустаҳкамлайди

208

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Малайзия Бош вазири ўринбосари – энергетика ва сув трансформацияси вазири Фадиллаҳ Юсуф бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва амалий тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ислом молиясини жорий этиш, бу йўналишда техник ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам сўз борди.

Томонлар сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ичимлик суви таъминотини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, унда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусан, бизнес субъектлари учун ESG тамойилларини қабул қилиш ва жорий этишда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Малайзия манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА