Самарқанд яна бир нуфузли тадбир мезбони

306

Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш” мавзусидаги Давлат хизмати форуми (UNPSF 2025) ўз ишини бошлади.

БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UNDESA), Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатларидан вазирлар ва давлат хизматига масъул органлар раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига табригини Президент ёрдамчиси С.Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

Табрикда давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгалиги қайд этилган. “Давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисмига айланаётгани алоҳида таъкидланган.

Форумнинг очилишида, шунингдек, БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти иқтисодий ривожланиш бўйича бош котиби ёрдамчиси Навид Ҳаниф, Малайзия Бош вазири ўринбосари Фадиллаҳ Юсуф сўзга чиқиб анжуман ишига муваффақият тилади.

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов мамлакатимизда давлат хизматини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида сўз юритди.

– Кейинги беш йилда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ўн йилликларга тенг ишлар амалга оширилди, – деди Ш.Шерматов. – “Рақамли ҳукумат” идоралараро интеграция платформаси орқали 49 та давлат органларининг 390 дан ортиқ веб-хизматлари амалга оширилмоқда, уларга ҳар куни 216 дан зиёд ахборот тизимлари уланади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари 760 дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошди. Биз 2030 йилгача рақамли технологиялар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилганмиз, жорий йилда бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида кенг жамоатчилик ва профессионал ҳуқуқшунослар учун очиқ бўлган сунъий интеллектга асосланган рақамли ёрдамчи муваффақиятли жорий этилди. Ривожланган 208 та Давлат хизматлари марказлари тармоғи республика бўйлаб маъмурий хизматлардан офлайн режимда фойдаланиш имконини берди. 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингининг “жуда юқори” даражасига эга мамлакатлар гуруҳига кирди ва GovTech етуклик индексида 37 поғонага кўтарилиб, “А” тоифасига кирди.

Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири форумнинг Самарқанд декларацияси ҳақида маълумот берди ва у рақамли трансформация, инновация ва янги технологиялар, ишончли давлат бошқаруви, инклюзивлик ва технология, киберхавфсизлик каби етти мақсаддан иборатлигини қайд этди. Шундан сўнг форум шўъбаларда ўз ишини давом эттирди. Уч кун давомида анжуманда “Давлат бошқарувида инновациялар: самарадорлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишда рақамли воситалар ва сунъий интеллект роли”, “Сўнгги миля”га эришиш: барча аҳолига хизматларни кенгайтириш бўйича халқаро тажриба”, “Ислоҳотларни тезлаштириш: инновацион лабораториялар орқали бошқарувни трансформация қилиш” мавзулари муҳокама қилинади.

– БМТнинг Давлат хизмати форуми 2003 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилади ва бу йил илк бор Ўзбекистон бу нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда, – дейди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири ўринбосари Муҳсина Ҳусанова. – Форумда қатнашиш учун 70 дан ортиқ давлатдан вакиллар ташриф буюрган, бундан ташқари, кўплаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлари иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида асосий йиғилиш ва семинарлар билан бирга вазирлар, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар, бир қатор тақдимотлар ўтказилади. Мамлакатимизда БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, тажриба алмашиш ҳам кўзда тутилган. Форум анъанасига кўра, бу йил электрон ҳукумат соҳасидаги ютуқлари учун 12 давлатни UNDESA томонидан тақдирлаш маросими бўлади.

– БМТнинг давлат хизмати форуми битта ёки бирор давлатда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишга бағишланмаган, балки барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун дунё давлатларида кечаётган ислоҳотлар ва унинг натижаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашишга қаратилган, – дейди Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси проректори Андрей Марголин. – Чунки сизда фикр бўлса, менда ҳам фикр бор, сизда таклиф бўлса менда ҳам унга яраша таклиф бўлиши мумкин. Лекин бугун Ўзбекистонда эканмиз, давлат хизмати соҳаси бўйича бу мамлакатда эришилаётган натижаларни эътироф этиш керак, деб ўйлайман. Бу ўринда мен Президент виртуал қабулхонаси аҳоли билан яқин мулоқот қилишда жуда қулай платформа эканлигини таъкидлашни истардим. Иккинчи мисол, бир пайтлар асосан пахта хом ашёси сотган Ўзбекистон бугун ишлаб чиқариш жадал ривожлангани сабабли қўшни мамлакатлардан пахта толаси сотиб олаётгани. Бу мамлакатда давлат бошқаруви тўғри ва самарали йўлга қўйилганидан далолат беради, назаримда.

Форумда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса ривожланаётган давлатлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда давлат хизматларидан тенг ва адолатли фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган Самарқанд вазирлар декларацияси муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари