Хизмат кўрсатиш соҳасида йирик лойиҳа ишга туширилмоқда

294

Давлатимиз томонидан хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар яратилган бўлиб, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Беруний туманида қиймати 5,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган йирик хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилиши арафасида турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 129-сонли фармони билан тасдиқланган тартибга мувофиқ, ушбу лойиҳа доирасида тадбиркорга тўғридан-тўғри ер ажратилиб, қурилиш ишларини бошлаш учун рухсатнома берилди. “Шаббоз Инвест” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари бугунги кунда жадал суръатларда давом этмоқда.



– Қурилишимизнинг қарийб 70 фоизини якунладик. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши билан 20 киши доимий иш билан таъминланади. Мамлакатимизда тадбиркорларга фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Яратилган шундай имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди «Shabboz Инвест» МЧЖ раҳбари О.Султонов.

Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида нафақат туман ҳудудида хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши, балки янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан тақдим этилган имтиёзлар ва қулайликлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги