Чимбой йўли бўйи қиёфаси бутунлай ўзгармоқда

321

Чиндан ҳам Нукус шаҳрида ва туман марказларида сўнгги йилларда қатор қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, уларнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб бормоқда.

Ўтган асрнинг 80 йилларида Нукус шаҳрининг шимолий чеккаси собиқ шимолий автовокзал атрофи бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ўнлаб чақирим шимол томонга кенгайиб, шаҳар янги кўчалар, турар жойлар билан тўлди. Жануб ва шарқ томони бўйича ҳам шуни айта оламиз.

Шаҳарнинг шимол томонидаги катта айланма йўлнинг Чимбойга кетадиган томони элсиз, қумлоқ ердан иборат даштлик эди. Аммо, ҳозирги вақтда бу ерларга турар жойлар қурилиб, эл кўчиб келиб, йўлдаги узоқ қишлоқ «Шағал кўприк»кача етай, деб турибди.

Айни пайтда, Шимолий автовокзалнинг қарама-қарши томонида, Нукус – Чимбой 4Р-176 автомобиль йўли бўйида режа бўйича 7 қаватли 56 хонадонли 5 та турар жой, 5 қаватли 40 хонадонли 8 та турар жой қад ростламоқда.





Айни пайтда ушбу йирик объектлардаги 3-4 та турар жой деворини қуриш ишлари якунланмоқда. Қолганларининг ер майдонлари тайёрланиб, тамал тоши қўйиш ишлари олиб борилмоқда.

– Жамиятимиз томонидан 5 қаватли 40 хонадонли турар жой биносининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди «Нукус электрострой монтаж» масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Салават Акимов. – Қурилиш ишлари ўтган йили бошланган эди.

Бугунги кунга қадар пойдевори қуйилди. Девори ўрилмоқда. Ҳозирда бешинчи қаватнинг деворини кўтаряпмиз. Шулар билан бир вақтда, дераза-эшикларни ҳам қуриб, электр симларини тортиш ва бошқа ички ишларни амалга оширяпмиз. Қурилиш ишларида 35 киши ишламоқда. Улар учун шароитлар яратилиб, иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

Қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги