Ўзбекистон ва Хитой нефть-газ соҳасида янги келишувга эришди

Бугун “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва Хитой Экспорт-импорт банки раиси Чэнь Хуайюй бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди.
Мулоқот чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳозирги ишлаб чиқариш фаолияти, унинг истиқболдаги ривожланиш режалари ҳамда стратегик йўналишлари ҳақида сўз борди.

Унда томонлар амалга оширилаётган инвестиция дастурлари ва ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, Хитой компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш, янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича банк томонидан таклиф этилиши мумкин бўлган молиявий механизмлар муҳокама қилинди.

Музокараларда икки томон ҳам нефть-газ соҳасида ўзаро манфаатли, барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини билдирди.
Шундан сўнг улар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Хитой Экспорт-импорт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги энергетика соҳасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишида ва муҳим лойиҳаларни амалга оширишда катта аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА