Афғонистон бозорида “Made in Uzbekistan” маҳсулотларига қизиқиш ортиб бормоқда

237

Шу кунларда Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Ўзбекистон электротехника саноати маҳсулотлари савдо ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбир “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда юртимизнинг етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш этяпти. Аҳамиятлиси, ярмаркада “Made in Uzbekistan” бренди остида тақдим этилаётган замонавий электротехника воситалари, маиший техника жиҳозлари ҳамда инновацион технологик ечимлар маҳаллий харидорлар ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ярмарка доирасида бизнес учрашувлар, икки томонлама мулоқотлар, янги экспорт шартномаларини имзолаш ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиш тадбирлари ташкил этилди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов маълум қилганидек, жорий йил 17 июнь куни ўз фаолиятини бошлаган ушбу ярмарка нафақат маҳсулотларимизнинг кенг аудиторияга тақдимоти, балки уларнинг реал бозор эҳтиёжларига қанчалик мос эканини кўрсатиш имкониятини бермоқда.

– Афғонистон бозори биз учун муҳим ҳисобланади. Бу ердаги ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, маҳаллий тадбиркорлар билан ишончли муносабатлар ўрнатиш асосий мақсадларимиздан бири. Шунингдек, “Made in Uzbekistan” брендини халқаро даражада янада нуфузли қилиш учун бундай майдонлар жуда самаралидир. Ушбу ярмарка маҳаллий истеъмолчиларнинг сўровлари ва эҳтиёжларини бевосита ўрганиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш борасида муҳим қадам ҳисобланади. Тадбирда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва тадбиркорлар учун мулоқот майдони, маҳсулотлар билан бевосита танишиш ҳамда келишувлар тузиш учун барча шароитлар яратилган, –деди Н.Толипов.

Савдо ярмаркаси бугун, 20 июнь куни ўз ишини якунлайди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА