Бир неча йил аввал Нукус шаҳридаги Жеке терек маҳалла фуқаролар йиғинида 16 қаватли 80 хонадонли 5 та бино қад ростлаб, атрофи ободонлаштирилиб, янги инфратузилма яратилиб, кўплаб хонадонлар янги уй-жойга эга бўлган эди. Ҳозирги вақтда бу ерга уларнинг кўпчилиги кўчиб келиб, ўртаси ўйнаб юрган болаларга тўла шаҳар ичидаги алоҳида кичик аҳоли пунктига айланди.
Яқинда бу ерда, яъни икки ой олдин ушбу биноларга қўшимча яна 16 қаватли 80 хонадонли 4 та иморатнинг қурилиш ишлари бошланди.
Айни пайтда уларнинг бирида бетон билан тиклаш ишлари тўлиқ якунланиб, деворини газобетон билан териш, сиртини қоплаш ишлари олиб борилаётган бўлса, яна бир бинонинг бетон билан тиклаш ишлари 8 қаватгача етказилган. Яна иккита бино учун ер тайёрланиб, пойдевор қуйишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
– Биз бу ерда 45 киши бўлиб ишлаяпмиз, – дейди «Декстрой» очиқ акциядорлик жамияти иш бошқарувчиси С.Оразбаев. – Жамиятимиз томонидан 3 та бинода иш олиб борилмоқда. Яна бир иншоот ишлари «KKRASI BETON» корхонаси томонидан бажарилмоқда.
Бу ердаги қурувчилар учун барча шароитлар яратилган. Уч маҳал иссиқ овқат, ойликлари ўз вақтида берилиб борилмоқда.
Қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни қиляпмиз. Қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб турилса, молиялаштириш узилишга тушмаса, иш ҳажми белгиланган муддатларда бажарилади, албатта.
Ҳозирги вақтда бинолардан бирининг саккизинчи қаватини қуйиш учун опалубкаларни тахлаб тайёрлаяпмиз.
Қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги