Элликқалъа тумани прокурори Ш. Матякубов ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари туманнинг энг олис ҳудудларидан бири бўлган «Чуқурқоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлишди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Ташриф доирасида туман прокурори томонидан аҳолини ўйлантираётган, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди. Шу билан бирга, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди ҳамда амалий таклифлар асосида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Маҳаллада аҳоли учун савдо ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси ва қишлоқ шифокорлик пунктининг фаолияти ўрганилиб, мавжуд шарт-шароитлар ва муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Шу куни маҳалладаги фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Ушбу ташриф маҳалладаги фуқаролар билан бевосита мулоқот асосида муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги