Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 февралда қабул қилинган “Марказлашган ичимлик сув таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик сув билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларини кўрсатиш бўйича давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тартиби тўғрисида”ги 93-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қарор ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2024 йил 13 апрелдаги 32-сон баёнининг 4-иловаси 9-бандига мувофиқ, Беруний туманидаги “Бийбазар” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 1 та замонавий ичимлик сув иншооти қуриш ва 12 км узунликдаги сув тармоқларини тортиш белгиланган. Ушбу ҳудудда жами 271 та хонадон мавжуд бўлиб, 1062 нафар фуқаро истиқомат қилади.

Лойиҳа пудратчиси — “Бунёдкор Жанубий” сув қурилиш бошқармаси. Ҳозирга қадар умумий ишлар ҳажмининг 55 фоизи бажарилди. Жумладан,

Саноат зонасида 2 та сув қудуғи қазилиб, трансформатор ускуналари ва электр устунлари ўрнатилди.

Насос станцияси пойдевори бетон қопламалар билан мустаҳкамланиб, аҳоли яшовчи кўчаларда 11 та техник қудуқ ҳамда 24 та ёнғин хавфсизлиги гидрантлари ўрнатилди.

Жами 16 941 метр узунликда сув тақсимловчи қувурлар тортилиб, кўплаб хонадонлар сув билан таъминланди.

Шунингдек, Амударё туманида жойлашган “Холимбег” овул фуқаролар йиғинида ҳам давлат ижтимоий буюртмаси асосида лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ердаги лойиҳа доирасида 1 та ичимлик сув иншооти қуриш ва 10 км узунликдаги сув тармоғини тортиш белгиланган. Ҳудудда жами 350 хонадонда 1820 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Мазкур лойиҳа бўйича ҳам ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 62 фоиз ишлар бажарилди. Жумладан,

Саноат зонасида 2 та сув қудуғи қазилиб, аҳоли яшовчи кўчаларда 11 та техник қудуқ ва 30 та ёнғин хавфсизлиги гидрантлари ўрнатилди.

190 дан ортиқ хонадонга жами 19 000 метрдан ортиқ ичимлик сув қувурлари тортилиб, сифатли сув таъминоти йўлга қўйилди.



Ушбу ишлар натижасида Беруний ва Амударё туманларидаги овул фуқаролар йиғинлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, санитария ва эпидемиологик барқарорликни шакллантириш, шунингдек, аҳоли турмуш даражасини оширишга муҳим ҳисса қўшилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги