Қорақалпоқ халқининг бетакрор табиати, қадимий тарихи ва бой маданияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев: «Қорақалпоқ диёри ўзининг дунёда ўхшаши йўқ, бетакрор санъати билан барчамизни ҳайратга солиб келади. Айниқса, аждодларимиздан қолган ноёб фольклор асарлари диққатга сазовордир. Ўз юрти, ўз диёрида аждодлар меросига ҳамиша садоқат руҳида яшаётган мард ва меҳнаткаш қорақалпоқ элининг мустаҳкам иродасига тан бериб, бундай халқ билан ҳар қанча фахрлансанг арзийди,» – деган эди.

Шу боис Юртбошимиз томонидан сўнгги йилларда халқ хўжалигининг барча соҳалари каби Қорақалпоғистонда ҳам маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, асрга татигулик йирик ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда.

Айниқса, Президентимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли, Нукус шаҳрида Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиали ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилиши қорақалпоқ халқининг қадимий маданияти ва санъатига бўлган ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди десак муболаға бўлмайди.

– Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тартибда ўтказилган 73-йиғилиш баённомасининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрель кунги 186-сонли қарори асосида ташкил этилди, – дейди мазкур филиал директори Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган артист, «Шуҳрат» медали соҳиби, , профессор Рудакий Алламбаев.- 2021 йили филиалимизга Профессионал таълим йўналишлари бўйича, санъатшунослик,  мусиқашунослик, дирижёрлик (турлари бўйича), вокал санъати (турлари бўйича), созандачилик (турлари бўйича) таълим йўналишлари бўйича 47 ёш ўқишга қабул қилинган бўлса, 2022 йили 57, 2024 йили 61, 2025 йили 71 талабаликка ёшлар қабул қилинди.

Ҳозирги вақтда филиалимизда 229 талаба 65 профессор-ўқитувчилардан замон талабига мос таълим-тарбия олмоқда.

Лекин, афсуски, шу йиллар мобайнида филиалимиз алоҳида ўқув биносига эга эмас эди. Шунинг учун дастлабки йиллари филиалимиз профессор-ўқитувчилари ўзларининг дарсларини Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабида ўтишга мажбур бўлди.

Ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг махсус қарори асосида, ўтган йили Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг ўқув биноси учун Нукус шаҳрининг Боғчилик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан махсус ер майдони ажратилиб, умумий қиймати 26 млрд сўм бўлган қурилиш ишлари бошланди.

– Қурилишни ўтган йили август ойида бошлаган эдик, – дейди «Тупроқ қалъа махсус қурилиш» масъулияти чекланган жамияти муҳандиси Жасур Юсупов. Насиб этса, август ойининг бошига қурилиш ишларини тўлиқ якунлаб, ўқув биносини халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширамиз. Бу ишларни тез орада, сифатли якунлаш учун жамиятимиз аъзолари фидойилик билан хизмат қилаверади.

Чиндан ҳам, халқимизнинг санъат ва маданиятга бўлган ихлоси ва ҳурмати жуда баланд. Шу боис ҳозирги кунларда жамият бунёдкорлари Президентимизнинг ёш авлодларимизга қилаётган ғамхўрлигини амалда кўрсатиш мақсадида, вақт билан ҳисоблашмасдан хизмат қилмоқда. Бу, албатта, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган йирик ислоҳотларнинг ёрқин бир ифодасидир.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси