Қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди

420

 

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда бошқарма бошлиғи З.Турдалиев ва бошқалар сўзга чиқиб, божхона қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиланишлар, бошқарманинг асосий кўрсаткичлари бўйича батафсил маълумот берди.


Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар-моддий бойликларнинг божхона назоратини амалга ошириш, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни оптималлаштириш борасида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий кўмак бериш мақсадида божхона органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2025 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси 272,2 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Ҳисобот даврида жами 116 та тадбиркорлик субъекти томонидан 138,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарларнинг Туркия, Қозоғистон, Россия, Хитой, Латвия, Эстония ва Покистон каби дунёнинг 35 та мамлакатига экспорти амалга оширилди.

Экспорт таркибида пластмасса ва резина маҳсулотлари 47,7 (66,1 млн. доллар), тўқимачилик маҳсулотлари 11,4 (15,8 млн. доллар), кимё саноати маҳсулотлари 9,4 (12,9 млн. доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари 8,6 (11,9 млн. доллар), ўсимликлар ва улардан олинган маҳсулотлар 8,4 (11,6 млн. доллар), тирик ҳайвонлар, бўлаклари ва озуқалари 5,9 (8,2 млн. доллар) фоизни ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси томонидан шу йилнинг бошидан ўтган 5 ой давомида жами 133,7 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорт божхона режимига расмийлаштирилди. Импорт товарлар 278 та импортёр корхоналар томонидан дунёнинг Хитой, Россия, Япония, Қозоғистон, Беларус, Туркия ва Корея каби 41 та давлатидан олиб келинган. Улардан технологик ускуналар 28,3 (37,7 млн. доллар), ёғоч-тахта маҳсулотлари 15,1 (20,2 млн. доллар), металл ва металл буюмлар 12,1 (16,1 млн. доллар), озиқ-овқатлар 11,1 (14,8 млн. доллар), электротехника ва унинг қисмлари 8,8 (11,8 млн. доллар), кимё саноати маҳсулотлари 7,4 (9,8 млн. доллар), ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотлари 5,0 (6,7 млн. доллар), пластмасса ва резина маҳсулотлари 3,6 (4,8 млн. доллар) фоиздан тўғри келди.

Шунингдек, 2025 йил бошидан Божхона бошқармаси томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан 287 млрд. сўмлик маблағларининг давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.

Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига жами 182 миллиард 30 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,7 фоизга ошганидан далолат бермоқда.

2025 йил январь-май ойлари давомида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими томонидан жами 9965 та божхона юк декларацияси (БЮД) расмийлаштирилган (бир кунда ўртача 80 та). Йўлаклар кесимидаги таҳлилига кўра, уларнинг «яшил» йўлак орқали 5657 (56,8%), «сариқ» йўлак орқали 2873 (28,8%), «қизил» йўлак орқали 1435 (14,4%) божхона юк декларацияси ташкил этади.

Яъни, божхона соҳасига илғор инновацион дастурларнинг жорий этилиши натижасида, божхона назоратига тақдим этилган ва «яшил йўлак»ка йўналтирилган товарларнинг 56,8 фоизида божхона расмийлаштируви жараёнлари амалга оширилмаган. Бунинг натижасида ҳалол тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, товарларнинг ўз манзилига тез фурсатда етказилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 334 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, қиймати 13 млрд. 396 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди. Шундан, жами 14 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бошқарма ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 2025 йил бошидан жами 521,73 гр. гиёҳвандлик воситалари, 740 ампулада кучли таъсир қилувчи дори воситалари, шунингдек, 1 дона ов қуроли, 40,6 гр. порох, 6 дона ўқ, 78 дона гильза, 448 дона капсула ва 1,3 кг. дробларнинг ноқонуний муомаладан чиқарилишининг олди олинди.

Матбуот анжуманида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.



А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаев олган суратлар