Сўнгги йилларда республикамизда кўплаб йирик қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шаҳар ва туманлар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Айниқса, катта гузар кўчалар бўйида кўп қаватли бинолар қад ростлаб, обод бўлиб, шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.
Яқинда Нукус шаҳридаги 26-кичик туманда ҳам 285 хонадонли 5 та кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари бошланди. Ҳозирги вақтда бир бинонинг қурилиш ишлари олиб бориладиган ер майдони тайёрланиб, пойдеворини қуйишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Унинг ёнидан яна бир иншоот қурилиши учун ерни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрь кунги 665-сонли қарорига мувофиқ Нукус шаҳридаги Жеке терек МФЙ ҳудудидаги йўлнинг 2 километрлик масофасига ШПС (қум-шағал тош аралашмаси) қопламаси ётқизилди.
– Шаҳар ҳудудида инфратузилмани, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида тегишли қарорга асосан, «Жаҳон банки» лойиҳаси бўйича 14 та оқова сув насос станцияси объектларини ва узунлиги 106 километрлик марказий оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш, 6 та оқова сув насос станцияларини ва лойиҳа бўйича қуввати 63 000 м3/сутка бўлган 1 та оқова сув тозалаш тармоғи (КОС) объектини, шунингдек, узунлиги 106 километрлик марказий сув тармоқларини янгидан қуриш режалаштирилган, – дейди Нукус шаҳар ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича мутахассиси Султон Кенгесбаев.
Айни пайтда «POSCH & ПАРТНЕРС CONSULTING ENGINEERS,» «FORLOG AG» МЧЖ, «Water Engineering-Pro» халқаро лойиҳа институтлари ва консультантлари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрь кунги махсус қарорига мувофиқ, Нукус шаҳри ҳудудидаги 8 та оғир маҳаллада (Тадбиркорлар ҳудуди, Саманбай, Яшил боғ, Ота макон, Қутли макон, Чимбой гузари, Беш тепа, Телеорай МФЙлари) умумий қиймати 23,6 млрд. сўмлик
қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Жорий йил давомида Инвестиция дастури доирасида 9 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида жами 188 млрд. 264 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Шодли қишлоқ МФЙ ҳудудидаги 43-сонли мактабга қўшимча 240 ўринга эга биносининг қурилиш ишлари, «Турон» стадионини реконструкция қилиш ишлари, 4Р176 Нукус-Чимбой-Тахтакўпир автомобиль йўлининг 9,3-14,3 километрлик қисмини реконструкция қилиш, 4Р174 Нукус-Хўжайли автомобиль йўлининг 0-11 километрлик қисмини реконструкция қилиш, Кўк ўзак МФЙ ҳудудида марказлашган иссиқлик қозонхонасини янгидан қуриш, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали биносини янгидан қуриш, «Нукус» сув тозалаш (ВОС) объекти бўйича қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Қолган ижтимоий объектлардан, Қумбиз овул МФЙ ҳудудидаги 26-сонли мактабга қўшимча 330 ўринли биносини янгидан қуриш, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали биносини янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Кўп қаватли уй-жойлар қурилишининг бориши, режаси, қанчаси битгани ҳақида гапирадиган бўлсак, шаҳримизда уй-жойга муҳтож фуқароларни уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ўтган йили бир қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, пойтахтимизда барпо этилаётган жами 2951 хонадонли 56 та кўп қаватли уйлардан, 1326 хонадонли 25 та кўп қаватли уйлар тўлиқ қуриб битказилиб, ўз эгаларига топширилди. Қолган 1625 хонадонли 31 та кўп қаватли уйларни жорий йилда якунлаш режалаштирилган.
Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги