Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун Ўзбекистон фуқароларининг хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириши ва чет эл фуқароларининг мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Айтиб ўтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилган маъмурий ислоҳотлар натижасида мазкур соҳани бошқариш тизимида қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ва ҳуқуқий мажбуриятлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Миграция агентлигига ўтказилгани қонун нормаларини қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

Муҳокама давомида қонуннинг бир қанча моддаларидаги ваколатлар, мониторинг тизимлари, фуқароларни ватанга қайтариш механизми ва меҳнат фаолиятига рухсат бериш тартибидаги ҳуқуқий зиддиятлар ҳамда номувофиқлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар томонидан қонуннинг айрим нормалари бугунги кундаги ислоҳотлар натижасида ўз долзарблигини йўқотганлиги сабабли “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонуннинг давлат органлари, шу жумладан, махсус ваколатли органга доир моддаларини қайта кўриб чиқиш ва маромига етказиш зарурлиги қайд этилди.

Сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг вакиллари, Миграция агентлиги мутахассислари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА