Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Ўзсаноатқурилишбанк ташаббуси билан “Стартап ва инвесторлар куни” тадбири ўтказилди. Унда маҳаллий ва хорижий венчур фондлари, акселераторлар, инвесторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда фаол ёшлардан иборат 150 га яқин иштирокчи қатнашди.
Бугунги кунда стартаплар ва инвесторларни бир платформада бирлаштириш ғояси глобал иқтисодиётда ўзини оқлаётган самарали ёндашувлардан бири ҳисобланади. Президентимизнинг 2024 йил 20 декабрдаги ПФ–223-сонли фармонида белгиланган устувор вазифалар, хусусан, ҳудудларда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва мутасадди ташкилотлар масъулиятини кучайтириш –мазкур форум орқали амалда ўз ифодаcини топди.
“Стартап ва инвесторлар куни” истиқболли, инновацион ва рақобатбардош лойиҳаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди. Шу билан бирга, тадбир “SQB Ventures” инвестиция компанияси фаолияти доирасидаги илк амалий қадамлардан бири сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этди.

Тадбирда “SQB Ventures” билан бир қаторда стартап экотизимига дахлдор етакчи маҳаллий ва хорижий компаниялар – “Aloqa Ventures”, “UC Ventures”, “Startup Garage”, “UzVС, “Sturgeon Capital” (Буюк Британия), “IT Park Ventures”, “Plug and Play” (АҚШ) ҳамда Нукус ва Тошкент шаҳридаги стартап лойиҳалар эгалари иштирок этди.
Форум доирасида ёш тадбиркорлар ўз стартап ғоялари тақдимотини ўтказди, уларни инвесторлар фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштиришга киришди.
Стартап йўналишда тажрибага эга мутахассислар иштирокида очиқ мулоқотлар, инвестиция жалб этиш бўйича ишончли стратегиялар муҳокамалари ҳамда минимал фойдали маҳсулот (MVP) яратишга бағишланган маҳорат дарслари ташкил этилди.
Питч-сессиялари мунозарали, савол-жавобларга бой ўтди, иштирокчилар мутахассислардан амалий тавсиялар олди. Норасмий мулоқотлар (“нетворкинг”) чоғида ўзаро тажриба алмашиб, истиқболли ҳамкорлик ўрнатиш имконига эга бўлди.

Шу билан бирга, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳудудий иқтисодий салоҳиятни ошириш, молиявий барқарорликни таъминлаш ва инновацион йўналишларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бунда банкнинг экологик барқарорлик ва рақамли технологияларга асосланган инвестиция сиёсати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Форум доирасида расман акселерация дастурига старт берилди.
Тадбир якунида эса, иштирокчилар фикр-мулоҳазалари асосида қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, бу каби тадбирларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш, акселераторлар ва венчур фондлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, Нукус ёшлари учун янги стартап дастурларини ишлаб чиқиш ва манзилли қўллаб-қувватлаш, даврий учрашувлар ва мониторинг тизимини жорий этиш орқали ушбу муносабатлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилди.
Умуман, “Стартап ва инвесторлар куни” нафақат Қорақалпоғистонда, балки барча ҳудудларда инновацион муҳитни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Банк ахборот хизмати