Ўзбекистон Омбудсмани Баку симпозиумида иштирок этди

Озарбайжоннинг Баку шаҳрида “Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш: Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда 20 дан зиёд мамлакатдан Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари глобал альянси (GANHRI), Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг Европа тармоғи (ENNHRI), Ислом ҳамкорлик ташкилоти Омбудсманлар ассоциацияси (OIC Ombudsman Association) ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Сессияда сўзга чиққан Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. У, жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда инсон қадри, шаъни ва эркинликларини кафолатлашга оид ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланганини таъкидлади.
2024 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонун янги Конституция нормаларига мувофиқлаштирилди.
Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, ҳуқуқлари кенгайтирилди. Жойларда ҳуқуқий ёрдам ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминловчи “Омбудсман мактаби” ва “Омбудсман соатлари” ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Анжуман доирасида Омбудсманлар ўртасида тажриба алмашилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг замонавий механизмларини муҳокама қилиш, жумладан, рақамлашув ва сунъий интеллект даврида инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, можаролар оқибатида жабр кўрган аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ф.Эшматова симпозиум доирасида бир қатор давлатлар Омбудсманлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро тажриба ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА