Тўйдаги чигирткалар босқини Туркманистонда кузатилганмиди? (+видео)

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тўй маросимида чигирткалар босқини юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўсимлик карантини ва ҳимояси агентлигининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бўлим бошлиғи Баҳодир Худойқуловга савол билан мурожаат қилдик.
– Ўзбекистонда чигирткаларни кўпайиб кетмаслиги учун қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда ва ижтимоий тармоқларда чигирткалар босқини билан боғлиқ ҳолатлар кўп учраётганини қандай изоҳлайсиз?
– Марказий Осиё зарарли чигирткаларнинг ўчоғи ҳисобланади. Жумладан, республикамизда ушбу ҳашаротларнинг 200 дан ортиқ тури мавжуд. Шундан ҳар йили 6 ёки 8 турига қарши кимёвий кураш олиб борилади. Жорий йилда ҳам республикамизда 608 минг гектарда кимёвий дорилаш ишларини олиб бориш белгиланган бўлиб, мутахассисларимиз томонидан шу кеча-кундузда 503 минг гектарда зарарли чигирткаларга қарши кураш ишларини ташкил этдилар.
Республикамизга чегарадош ҳудудларида ҳар йили чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд. 22 мартда зарарли чигирткалар чиқа бошлайди. Жанубий вилоятларимизда уларнинг ўчоқлари кузатилди ва агентликнинг юқори унумли техникалари ёрдамида бартараф этилди.
Шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқлардаги тўй базмидаги воқеага аниқлик киритадиган бўлсак, саксовул букри чигирткаси Туркманистоннинг Лебоп вилоятида бўлган воқеа эканлиги ва ушбу ҳудуд масъули билан боғланганимизда янада аниқ бўлди.
Ҳурматли фуқаролар, Ўзбекистонда зарарли чигирткаларга оид вазият назорат остида. Кучайтирилган кузатув ва кимёвий ишловлар 24/7 режимида олиб борилмоқда. Зарарли чигирткалар тарқалган ҳудуд ҳақида хабардор бўлсангиз 1288 ёки 712021000 телефон рақамларига зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА