Ўзбекистон ва Қирғизистон маданий алоқаларни мустаҳкамламоқда

357

Жорий йилнинг 17 июнь куни Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев Бишкек шаҳрида Ўзбекистон элчиси Саидикрам Ниёзхўжаев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Кабар” ахборот агентлиги.

Ўзаро мулоқот чоғида томонлар қирғиз-ўзбек маданий ҳамкорлигини янада кенгайтириш, қўшма маданий дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор бериш, шунингдек, ижодий гуруҳларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ёшлар лойиҳаларини ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.

Мирбек Мамбеталиев икки мамлакат халқлари ўртасидаги қардошлик ришталари ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда маданий мулоқот муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этди.

– Маданият – халқларни бирлаштирувчи кўприк. Биз ҳамкорлигимизни янада самарали ва серқирра қилишга интиламиз, – деди вазир.

Ўз навбатида, элчи Саидикрам Ниёзхўжаев самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий алоқалар муҳимлигини таъкидлади ҳамда қатор истиқболли ташаббусларни илгари сурди.

Эътироф этиш жоиз, ҳар икки ўлкада маданият кунлари мунтазам ўтказилиб келинаётгани ўзаро тажриба алмашиш ва миллий санъатимизни оммалаштиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва академик алмашинувни ривожлантиришга қаратилган ёшлар лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашув якунида томонлар яқин ҳамкорликни давом эттириш ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашишга қаратилган янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

С.Раҳимов, ЎзА