Инновация: келажакка хавфсиз қадам

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларда рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бугунги кунда минтақавий барқарорлик ҳамда иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида эътироф этилмоқда.
ШҲТ доирасидаги ушбу ҳамкорлик ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, рақамли хавфсизлик, IT таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишларини қамраб олган.
Томонлар рақамли соҳадаги мутахассисларни тайёрлаш, тажриба алмашиш ва ШҲТ доирасидаги университетлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришмоқда.

Хитойда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар иштирокида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган форумнинг очилиш маросимида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Ўз нутқида вазир рақамли трансформация жараёнлари, ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий этиш орқали ШҲТ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли инфратузилмани кенгайтириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида иштирокчи давлатлар рақамли технологиялар йўналишида тажриба алмашиш, рақамли хавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллект ва бошқа рақамли ечимларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, вазир тадбир иштирокчиларини жорий йилнинг 23–26-сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “ICTWeek–2025” ҳафталигига таклиф қилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА