Бугунги кунда иқтисодий муносабатларнинг мураккаблашуви, солиқ қонунчилигининг такомиллашуви ва кенг қамровли бўлиши суд-ҳуқуқ тизимида солиқ билан боғлиқ низоларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, суд муҳокамаларида махсус билим талаб қилинадиган ҳолатларда солиқ экспертизасининг аҳамиятини оширмоқда. Суд солиқ Экспертизаси — бу суд томонидан тайинланадиган, солиқ муносабатларига оид масалаларни ҳал қилишга қаратилган экспертиза тури бўлиб, у аниқлик, холислик ва қонунийликни таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.
Суд солиқ экспертизаси — бу суд ишини юритиш доирасида солиқ соҳасидаги низоли ҳолатларни ҳал қилиш мақсадида эксперт (мутахассис) томонидан бериладиган илмий, техникавий ва юридик асосланган хулоса ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуни ва бошқа норматив ҳужжатлар ушбу фаолиятни тартибга солади.
Солиқ экспертизаси қуйидаги босқичларда ўтказилади:
-Экспертиза тайинлаш: Суд ёки тергов органи томонидан қарор қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади: иш рақами, тарафлар ҳақида маълумот, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар, экспертиза тури ва эксперт ташкилоти.
-Материаллар тақдим етилиши: Экспертга зарур ҳужжатлар (ҳисоботлар, бухгалтерия ҳужжатлари, солиқ ҳисоботлари ва бошқалар) тақдим этилади.
-Эксперт томонидан таҳлил: Эксперт берилган материаллар асосида ҳисоб-китоблар ва таҳлиллар ўтказади.
-Хулоса расмийлаштирилади: Олинган натижалар асосида ёзма хулоса тайёрланади ва судга тақдим етилади.
Солиқ экспертизаси қуйидаги масалаларни ёритишга қаратилади:
-Солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунчилиги бузилган-бузилмаганлигини аниқлаш;
-Солиқ ҳисоб-китобларининг тўғрилиги ва асосланганлигини баҳолаш;
-ҚҚС, фойда солиғи, даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобланишида хатоларга йул қўйилганини аниқлаш;
-Молиявий ҳужжатлар ва ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини текшириш;
-Яширин даромад ёки нотўғри солиққа тортиш ҳолатларини аниқлаш.
Суд солиқ экспертизаси адолатли суд қарорларини қабул қилишда муҳим аҳамиятга эга. У қуйидаги вазифаларни бажаради:
-Судга аниқ ва илмий асосланган хулоса беради;
Суд қарорининг қонунийлигини таъминлайди;
-Фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади;
-Солиқ низоларининг тез ва холис ҳал этилишига кўмаклашади.
Суд солиқ экспертизаси суд ишларида ишончли далил бўлиб хизмат қилади ва солиқ низоларини ҳал қилишда беқиёс аҳамият касб этади. Уни ўтказишдаги аниқлик, холислик ва мустақиллик экспертиза натижаларининг ишончлилиги ва суд қарорларининг адолатли бўлишини таъминлайди. Шу сабабли, ушбу фаолиятни ташкил этиш, ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари долзарбдир.
А.Торениязова,
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими эксперти, 2-даражали юрист
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги