Республикамизнинг ғўза майдонларида учрайдиган хавфли зараркунандалар (шира, трипс, кўсак қурти, ўргимчаккана, қандала ва бошқалар), касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашиш тадбирларининг ташкилий равишда амалга оширилишини, уларнинг сифатли бажарилишини назорат қилишни таъминлаш мақсадида 2025 йилнинг 16 июнь санасидан 25 июль санасига қадар «Долзарб 40 кунлик» эълон қилинди.
Агрокластерлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ғўза майдонларида мониторинг ишлари олиб борилади. «Долзарб 40 кунлик» тадбирлар режасига асосан туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ғўза майдонларида учрайдиган зарарли организмларнинг пайдо бўлиши, кўпайиши ва тарқалишига қарши самарали курашиш бўйича тадбирлар ўтказилиб, уларнинг амалга оширилиши ҳам назорат қилинади.
Шунингдек, ғўза майдонларида биологик ҳимоя воситаларини меъёрида қўллаш чоралари кўрилади. Зараркунандаларнинг иқтисодий зарар миқдори меъёридан (EZMN) ошиб кетиши кузатилса, кимёвий ишлов бериш тавсия этилади.
Ғўзанинг асосий зараркунандалари (шираси, трипс, кўсак қурти, ўргимчаккана ва қандала) аниқланганда зудлик билан Карантин агентлигининг электрон платформалари орқали хабарнома юборилади, фитосанитар талабларни ўз вақтида бажармаган ер эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Хорижий ғўза навларининг фитосанитар ҳолати ҳам алоҳида назорат остида бўлиб, дала майдонларидан олинган намуналар Марказий ва ҳудудий фитосанитар лабораторияларда текшириб борилади.
Ғўза майдонларида зараркунандалар аниқланганда, карантин инспекторларига мурожаат қилиш тавсия этилади. Бунинг учун «Агрокўмакчи» мобил иловасининг «инспекторни чақириш» тугмасидан фойдаланиб, бепул тавсия ва кўрсатмалар олиш ҳам мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги