Ёш дзюдочилар Нукусда беллашди

Нукус шаҳрида «Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг дзюдо тури бўйича ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада Нукус шаҳри, Амударё, Тахиатош, Хўжайли ва Нукус туманларидан спортчи ёшлар иштирок этиб, 8 вазн тоифалари бўйича ўзаро беллашди.

Кескин курашларга бой ўтган мусобақа якунида, йигитлар ўртасида 50 кг вазнда Хўжайли туманидан Жавоҳир Шамуратов, 55 кг да Нукус туманидан Зуҳратдин Қурбонбоевлар биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 60-66 ва 81 кг вазнда амударёлик полвонлардан Самандар Азатов, Ботир Худайберганов ва Акбар Жабборбергановлар ғолибликни қўлга киритди.
73 ва +90 кг вазнда нукуслик Султонбек Абатбаев билан Марсел Муратбаев, 90 кг да яна бир оқманғитлик полвон Ислом Оринбаевлар мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритди.
Қизлар ўртасида ўтказилган беллашувларда Нукус туманидан келган полвонлар биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Жумладан, 40 кг вазнда Улмира Бекмуратова, 44 кг да Ферида Бердимуратова, 48 кг да Айжамал Эржанова, 52 кг да Шахноза Балтанова, 57 кг да Нурай Халилаевалар бош совринни қўлга киритди. 63 ва +70 кг вазн тоифаларида эса хўжайличи ёшлардан Дилнура Зарипбоева ва Ҳурзия Ўрозбоева, 70 кг да Зумрад Жумамуратовалар бош соврин соҳибларига айланди. Ўтказилган мусобақа якунида ғолиблар Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олиб, уларга диплом ва медаллар топширилди.


Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси