Ёшлар ва киноижодкорлар учрашуви бўлиб ўтди

Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бу – кино.
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг “Ёшлар масалаларини ўрганиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” бўлими ташаббуси билан “Миллий руҳ, илмий мерос, киносанъатда мужассам” мавзусида ёшлар ва киноижодкорлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда “Қорақалпоқ кинофильм” ниң бадиий раҳбари Қудрат Атажанов, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори Еркинай Оринбаева, кино соҳасига қизиқувчи ёшлар ҳамда партиянинг ёшлар қаноти фаоллари иштирок этди.
Учрашувда ёшларга “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва унинг ёшлар маънавияти, маданияти ва ижодиётини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди. Жумладан, 2024–2030 йиллар мобайнида давлатчилик ривожининг 3000 йиллик тарихини ёритувчи 50 та бадиий фильм, 10 та миллий қаҳрамонларга бағишланган анимацион фильм ва сериал, шунингдек, халқаро кинофестиваль ва телеканалларда намойиш учун мўлжалланган лойиҳалар яратиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Йиғилишда ёш кино ижодкорларимиз бундай шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга кўмаклашадиган, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг бетимсол жасорати, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатини акс эттирадиган фильмлар кўриш ҳақидаги орзуларини амалга ошириш йўлида барча куч ва имкониятларини ишга солишлари лозимлиги таъкидланди.
– Биз мамлакатимиз Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун барчамиз бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак,- дейди Қорақалпоқ кинофильм” нинг бадиий раҳбари Қудрат Атажанов.
Учрашув “Сценарийдан экрангача” мавзусидаги маҳорат дарси билан давом этди. Унда кинони тасвирга олиш жараёни, сценарий ёзиш услуби, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар яратиш, кинофестивалларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида ёшларга амалий маслаҳатлар берилди.






Учрашув якунида фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди ҳамда ёш ижодкорларнинг чиқишлари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги