Гендер тенглик мавзусида ўқув-семинар

244

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан давлат органлари, корхона, ташкилот ва муассасалардаги маслаҳат-кенгаш органлари вакиллари учун ўқув- семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда хотин-қизларнинг гендер тенглиги масалалари муҳокама мавзуси бўлди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган семинарда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов, республиканинг барча вазирлик ва идоралари ҳамда ташкилотларида фаолият юритаётган маслаҳат-кенгаш органларининг масъуллари ҳамда қўмита шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова ҳар бир меҳнат жамоасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситилишни бартараф этишда кўмаклашиш ҳар бир давлат идорасидаги маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятининг асосий мақсади эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу кунга қадар идора ва ташкилотларнинг тизим ташкилотларида 155 та маслаҳат- кенгаш фаолияти йўлга қўйилган.

Мамлакатимизнинг гендер тенглик соҳасидаги эришган ютуқлари халқаро даражада ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаб, 103-ўриндан 51 поғонага юқори кўтарилиб, 52-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.  Бу индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида ютуқ ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.

Ўзбекистоннинг ушбу ютуқларига асос бўлган муҳим ислоҳотлар хотин-қизларни IT ва STEM соҳаларига фаол жалб этиш, қизлар учун рақамли кўникмалар бўйича таълим дастурларининг ишга туширилиши, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлардир.

Семинарда мутахассислар томонидан  “Гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни жорий этишнинг истиқболлари”, “Маслаҳат кенгаш-органлари: тажриба ва амалиёт”, “Гендерга оид аудитни ўтказиш натижалари ва хулосалар”, “Гендерга оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар” мавзуларида маърузалар қилинди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА