Битирувчи ёшларга дипломлар топширилди

273

НДПИ академик лицейида битирувчиларга «Битирувчиларни олий ўқув юртларига мақсадли йўналтириш ва тантанали диплом» топшириш кечаси бўлиб ўтди. Кечани академик лицей директори Қ.Қалхоразов очиб берди ва Президентимизнинг мамлакатимиз таълим муассасаларини битирувчи ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Тадбирда Ажиниёз номидаги НДПИ ўқув ишлари бўйича проректори М.Ибрагимов, НДПИ ўқув методик бўлим бошлиғи ўринбосари Т.Таджиев, ҚДУ профессори Т.Машарипова, ҚДУ доценти Б.Диланов, «Шуҳрат» медали соҳибаси П.Камалова, устозлар, ўқувчи ёшлар ва ота-оналар иштирок этди.

Байрам кечасида сўзга чиққанлар шундай ёшларимиз мамлакатимизнинг ёрқин келажаги учун хизмат қиладиган мутахассислар бўлиб етишишига ишонч билдириб, уларнинг олдидаги улкан мақсадларига эришишида муваффақиятлар тилади. Сўнг академик лицейни юқори натижалар билан тамомлаётган ўқувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий ўқув йилида академик лицейни жами 279 ўқувчи битираётган бўлса, шундан бир ўқувчи олтин, уч ўқувчи кумуш медаль, 18 ўқувчи эса алоҳида диплом билан битирмоқда. Улардан жами 306 нафар ўқувчи миллий ва халқаро сертификатларга эга. Ўқувчилар орасида муддатидан олдин дунёнинг ва республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинган, шунингдек, республика ва халқаро фан олимпиадалари, спорт ва интеллектуал мусобақалар, стипендиялар танловларининг ғолиблари, ўқишда ва жамоат ишларида алоҳида фаоллик кўрсатаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди.

                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги