Имконияти чекланган болалар учун кундузги марказ иш бошлади

266

Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда турли машғулотлар орқали ривожланишига кўмаклашиш мақсадида қатор аниқ ва самарали дастурлар амалга оширилмоқда.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 126-сонли қарори – “Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатга асосан, эндиликда Беруний туманида ҳам бундай хизмат йўлга қўйилди.

Ушбу лойиҳа доирасида “Ширинтой сайёраси” номли нодавлат таълим муассасасида имконияти чекланган болажонлар учун махсус шароитлар яратилди. Бу ерда болалар нафақат парвариш қилинади, балки уларнинг шахсий ривожланиши, жамиятга мослашуви ва соғломлашуви учун зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган.

Таъкидлаш жоизки, бу ташаббус нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам катта енгиллик яратиб, улар ўз ишлари билан бемалол шуғулланиш имконига эга бўлдилар. Энди ота-оналар фарзандларини ишонч билан кундузги парвариш хизматига топширишлари мумкин.

Мазкур тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбари С. Данияров иштирок этиб, ушбу хизмат ногиронлиги бўлган болалар ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келишига ишонч билдирди.

Ҳудуднинг нуроний кексалари эса ушбу эзгу ва хайрли ишнинг бошланишини мамнуният билан кутиб олиб, барчани бу муносабат билан муборакбод этдилар.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги