Илм жонкуяри-фидоий устоз

295

Республикамизда илм-фан ва таълим ривожига ўз ҳиссасини қўшган, ёш авлодларимиз келажаги учун фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз жуда кўп. Айниқса, улар ўртасида аёл-қизларнинг борлиги кўнглимизда ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотади. Шундай олимларимиз қаторида ўзининг 46 йиллик онгли ҳаётини илм-фанга бағишлаган, физика фанининг ҳали ҳам янги бўлган сирларини очишга ҳисса қўшган профессор Шарипа Бекмурадовна Утамурадова ҳисобланади.

1979 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг физика факультетини «яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси» мутахассислиги бўйича тамомлаган у, 1980 йилда Тошкент давлат университети аспирантурасига кириб, Ленинград шаҳридаги А.Ф.Иоффе номидаги Физика-техника институтига хизмат сафарига юборилади. Бу ерда кучли яримўтказгичли қурилмалар лабораториясида физика-математика фанлари доктори А.А.Лебедев раҳбарлигида илмий ишини олиб бориб, 1983-1986 йиллари Амалий физика илмий-тадқиқот институти яримўтказгичлар физикаси лабораториясида кичик илмий ходим, 1986-1993 йиллари катта илмий ходим бўлиб ишлайди.

Шу йиллар орасида унинг бир неча йиллик илмий изланишлари ўзининг ижобий натижасини бериб, у 1987 йили А.Ф.Иоффе номидаги Физика-техника институтининг ихтисослаштирилган кенгашида «Марганец билан легирланган кремнийда чуқур сатҳларнинг электрон спектрини тадқиқ қилиш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Шарипа Утамурадова 1993-1996 йилларда Тошкент давлат университети) докторантурасида таҳсил олган, 1996-2004 йилларда Амалий физика илмий-тадқиқот институти яримўтказгичлар физикаси лабораторияси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлайди.

Ш.Утамурадова мамлакатимизда ташкил этилган бир нечта фундаментал, амалий ва олима аёллар грантларининг ғолибидир. Жумладан, 2003-2007 йилларда «Т-ионларининг аралашмаси билан легирланган монокристалл кремнийнинг нуқсонли структурасининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнларини тадқиқ этиш,» 2007-2011 йилларда «Аралашма-нуқсонли ассотсиатлар билан монокристалл кремнийда дефект ҳосил бўлиш қонуниятларини ва яримўтказгич-диэлектрик бўлинишининг яширин чегаралари шаклланишининг динамик жараёнларини ўрганиш,» 2009-2011 йилларда «Кремнийли МДП-структуралари параметрларининг барқарорлигини ошириш усулларини ишлаб чиқиш,» 2012-2014 йилларда «Кремнийли МДП-структуравий компонентлар наноструктуралаштирилган силитсидларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш,» 2015-2017 йилларда «Радиацияга юқори барқарор легирланган кремний ва кремнийли диод структураларни олиш технологиясини ва кремнийли қуёш элементларининг фотосезгирлигини ошириш усулларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги грант танловларида мунтазам қатнашиб, амалий ва фундаментал грантларнинг ғолиби сифатида машҳур олим бўлди.

2004-2017 йилларда Амалий физика илмий-тадқиқот институтининг яримўтказгичлар физикаси лабораторияси мудири лавозимида ишлаган Шарипа Утамурадованинг ташаббуси билан 2018 йилда Марказий  Осиёда ягона бўлган Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти ташкил этилди ва ўша йилдан буён ушбу институтнинг директори лавозимида ишлаб келмоқда.

2004-2017 йилларда Амалий физика илмий-тадқиқот институтининг яримўтказгичлар физикаси лабораторияси мудири лавозимида ишлаган Шарипа Утамурадованинг ташаббуси билан 2018 йилда Ўрта Осиёда ягона бўлган Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти ташкил этилди ва профессор опамиз ўша йилдан бошлаб ушбу институтнинг директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Ш.Утамурадова 2017 йилда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Физика-техника институтининг ихтисослаштирилган кенгашида «Т-ионлари қўшимчалари билан легирланган кремнийда нуқсон марказларининг шаклланиши ва ривожланиш жараёнлари» мавзусида ўзининг докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади.

Шу ўтган йиллар мобайнида Ш.Утамурадова раҳбарлигида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органлари, саноат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, хусусий секторнинг яримўтказгичлар физикаси ва яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида инновацияларни жорий этишга қаратилган ўзаро ҳамкорлиги бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Ишлаб чиқилган термик барқарор ва радиацияга чидамли материаллар олиш технологиялари ва бошқа илмий натижалардан «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясининг «FOTON» акциядорлик жамиятида фойдаланилмоқда.

У ўзининг кўп йиллик илмий фаолияти мобайнида яримўтказгичлар физикаси соҳасида турли ўтиш элементлари билан легирланган кремний асосидаги яримўтказгичли материалларнинг физик хоссаларини, қўшимча элементларнинг ўзаро таъсирлашув жараёнларининг хусусиятларини ўрганиш бўйича самарали изланишлар олиб борди. Шунингдек, янги функционал хусусиятларга эга бўлган иссиқликка чидамли датчикларни лаборатория шароитида яратиш, радиацияга чидамли яримўтказгич материалларни яратиш технологиясини ишлаб чиқиш ва кремний асосидаги қуёш элементларининг сезгирлигини ошириш йўналишида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширди.

Айни пайтда эса институтда яримўтказгичлар физикаси фанининг ривожланиши ва институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш устида муваффақиятли иш олиб бориш билан бирга, Олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган «Ўзбекистон Миллий университети мухбири» ва «Андижон университети илмий мухбири,» «Universal Journal of Physics Research»  журналлари таҳририят кенгашининг аъзоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, Ш.Утамурадова ёш олимларнинг устози бўлиб, унинг ташаббуси билан яримўтказгичларда нуқсонлар пайдо бўлиши бўйича янги илмий мактаб яратилди ва у 400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан, 8 та монография, 4 та дарслик, 7 та ўқув қўлланма ва 5 та патентнинг муаллифи.  Унинг раҳбарлигида 3 та докторлик ва 6 та номзодлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. Бакалавриат ва магистратура талабаларига илмий раҳбарлик қилади.

Алоҳида таъкидлашимиз керакки, Қорақалпоғистонлик ҳам бир қатор олимлар Шарипа Утамурадова раҳбарлигидаги илмий кенгашда илмий даражалар олишга муваффақ бўлди. Улар орасида Абат Муратов, Султанбек Абдижалиев, Байрам Исмаилов, Анифа Палуанова, Зоир Кенжаев, Элмира Наурзалиева, Ерназар Косбергенов, Дарябай Есбергенов, Хожаахметжан Турекеев, Сабирбай Турсинбаев ва Мардон Асқаровларни айтиб ўтиш мумкин.

Олимнинг кўп йиллик меҳнати, фан-таълим соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун 2016 йилда «Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил,» 2021 йилда «Ўзбекистон Мустақиллигига 30 йил» ва 2022 йилда «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги,» 2024 йилда «Олий таълим аълочиси» эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Ш.Утамуродованинг илм-фан ва таълимга қўшган улкан хизматлари ҳақида қанча гапирсак ҳам кам. Устоз қўлида тарбияланган сон минглаб шогирдлари бугунги кунда республикамиз халқ хўжалиги соҳаларида ўз ўрнига эга мутахассислар бўлиб етишди ва меҳнат қилмоқда.

Биз сўзимизнинг сўнгида, ўзининг сабри, меҳнатсеварлиги, бағрикенглиги билан қалблардан жой олган намунали устоз, таниқли фан арбоби Шарипа Утамуродованинг фидокорона ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Марат Тагаев,

Бердақ номидаги ҚДУ

физика кафедраси профессори.

Борибай Давлетмуратов,

Ажиниёз номидаги НДПИ профессори.

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги