Зўравон экстремизмга қарши курашишда идоралараро ҳамкорлик кучайтирилади

260

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш” минтақавий лойиҳаси билан ҳамкорликда зўравонликка қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ мажлиси бўлиб ўтди.

“Зўравонликка қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликдаги ҳаракатлар: аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси, зўравон экстремизмга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида ўтган ушбу мажлисда сенаторлар, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, бир қатор вазирлик-идоралар масъуллари, шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Муҳокамада шу йўналишдаги энг долзарб масалалар, шу жумладан, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, ёшлар билан тизимли ишлаш, профилактика жараёнида аёлларнинг фаоллигини ошириш ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Сенат қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова долзарб муаммоларидан бири бўлган зўравонликка қарши курашишда давлат ва нодавлат тузилмаларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракати муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда ёшлар ва аёллар иштирокини фаоллаштириш, айниқса, маҳалла даражасида эрта профилактика чоралари самарадорлигини ошириш зарур.

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Лайло Аслонова ҳудудларда ёшларнинг медиасаводхонлигини ошириш, мавжуд бўлган контентларга танқидий фикр юритиш борасида ўқув семинарлари ўтказиш таклифини билдирди.

Тадбир якунида иштирокчилар олиб борилаётган ишларни янада яхшилаш, тегишли қонунчилик ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш борасида таклиф ва тавсиялар билдирди.

Ҳар бир ишчи гуруҳ аъзосининг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, идоралараро ишчи гуруҳнинг иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА