Чигирткаларга қарши қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида зарарли чигирткаларнинг 150 дан ортиқ тури аниқланган бўлиб, шулардан 3 тури зарарли деб топилган. Зарарли чигирткалар асосан республикамизнинг Мўйноқ тумани Орол бўйи атрофидаги қамишзорларда, Орол денгизи тубидаги ва Қизилқум чўлларидаги саксовул майдонларида, шунингдек республикамизнинг деҳқончилик майдонларига яқин бўлган партов ер, коллектор дренажларнинг қирғоқларида, яйловларда тарқалиб зарар етказиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳар йили 80-90 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кураш ишлари олиб борилади.
– Ўтган йили Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай, Бўзатов, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида, жами 88859 гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалди ва уларга қарши кимёвий тадбирлар амалга оширилиб, қишлоқ хўжалиги ва маданий экинларга хавф солмай туриб ўз вақтида хавфнинг олди олинди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Чигиртка ва тут зараркунандасига қарши курашиш хизмати бош агрономи Атабек Дауков.
Зарарли чигирткага қарши курашиш мавсумини сифатли ўтказиш учун моддий-техник база яратилган бўлиб, ёқилғи ва кимёвий воситалар заҳираси жамланган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида кимёвий ишлов бериш режалаштирилаётган 112 000 гектар майдон бўлиб, 11 та отряд ташкил этилган. Қарши курашга жалб этиладиган техникаларнинг жами сони 115 дона.
Хусусан, моторли осма қўл пуркагичлари 81 дона, трактор пуркагичлари 19 дона, автомашинага ўрнатилган УМО пуркагичлари 9 дона, сув ташиш техникаси 3 дона, сув ташиш тиркамаси 3 дона.
Қорақалпоғистон Республикасида зарарли чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалиши учун қулай 3 миллион гектардан ортиқ ер майдони мавжуд. Ўтган йилги кузги кузатув натижаларига кўра 112 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар томонидан тухум қўйилгани аниқланди.
Республикамизда чигирткаларга қарши кимёвий ишлов бериш ишлари 14 май кунидан бошланиб, 16 июнь ҳолатига кўра жами 32 минг 254 гектар майдонда кимёвий кураш ишлари олиб борилди.




Зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги экинлари, саксовулзорлар ва яйловлар зарарланишига йўл қўймаслик учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги