Meta билан ҳамкорлик ахборот маконида хавфсиз муҳит яратади

Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнида глобал технологик гигантлар билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Meta компанияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ахборот хавфсизлиги, рақамли саводхонлик соҳаларида муҳим қадам ҳисобланади.
Meta компаниясининг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича давлат сиёсати масалалари бўйича вице-президенти Симон Милнер бошчилигидаги делегациянинг IT Park Uzbekistan’га ташрифи Ўзбекистоннинг рақамли тараққиёт йўлида халқаро IT – экотизимга интеграциялашувини кучайтиради.
Ташриф доирасида меҳмонларга IT Park’нинг фаолияти, унда яратилган экотизим, истиқболли лойиҳалар ва инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг, делегация UzSoc маркази билан яқиндан танишди. Марказда ахборот хавфсизлиги, ижтимоий тармоқлардаги мониторинг ва бошқа йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, меҳмонлар UZINFOCOM марказига ташриф буюриб, у ерда рақамли инфратузилма, маълумотлар марказлари ва замонавий технологиялар асосида кўрсатилаётган хизматлар билан танишдилар.

Ташрифнинг асосий қисмида делегация рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан учрашди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, контент сиёсати, ёшлар салоҳиятини ошириш, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқларда хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Якунда ушбу учрашув Meta компанияси ва вазирлик ўртасида очиқ мулоқот ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА