Арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди

Элликқалъа туманида аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муносиб нархларда тақдим этиш мақсадида махсус арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмарка туман ҳокимлиги ташаббуси ва амалий ёрдами билан амалга оширилмоқда, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Ярмарка Элликқалъа Деҳқон бозори ҳудудида ўтказилмоқда. Бу ерда туман ҳудудида фаолият юритаётган фермер ва деҳқон хўжаликларига ўзлари етиштирган барча турдаги қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сабзавот ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.


Айтиш жоизки, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг туман бўлими ходимлари томонидан нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва маҳсулот танқислигининг олдини олиш мақсадида мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.
Шунингдек, ярмарка савдосида иштирок этаётган тадбиркорлар назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларидан фаол фойдаланмоқда. Санитария талаблари, шу жумладан, карантин қоидаларига риоя этилиши қатъий назоратга олинган.
Бундай ярмаркалар аҳоли эҳтиёжини қондириш, тадбиркорларга янги бозор имкониятларини яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги