Инвестициялар – ҳудудни ривожлантиришнинг муҳим омили

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу соҳани модернизация қилиш, диверсификация қилиш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш ва фойда олишни мақсад қилганларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, мавжуд имконият ва масалаларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг иқтисодиёт ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўринбосари И.Қурбонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тахтакўпир туманида бўлди.
Тахтакўпирда айниқса кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этган тадбиркорларнинг хизматлари эътиборга молик. Хусусан, Қораўй овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «KAUSAR TEGIRMON» МЧЖ томонидан умумий қиймати 32 миллиард сўмлик чорвачиликни ривожлантириш ва сутни қайта ишлашга оид йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда корхонанинг чорвачилик комплексида 120 бош наслли қорамол парваришланмоқда. Шу билан бирга, сутни қайта ишлаш лойиҳаси ҳам ишга туширилиб, 7 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланиши амалга оширилди.
Шунингдек, мазкур жамият томонидан қиймати 878 минг АҚШ долларига тенг бўлган «Жунни қайта ишлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа шу йўналишдаги дастлабки саноат ташаббусларидан бири бўлиб, келгусида маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланишини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбиркор, шунингдек, дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича замонавий йирик завод барпо этишни ҳам режалаштирган. Айни пайтда завод учун хориждан келтирилган илғор технологияларни ўрнатиш ишлари бошланган.
Ишчи гуруҳ ташриф давомида «Тахтакўпир нон маҳсулотлари» МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда кузгача уруғлик буғдойни тозалаш, саралаш ва дорилаш жараёнлари йўлга қўйилади.
Мазкур лойиҳа учун «Бизнесни ривожлантириш банки» томонидан 108,7 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобидан Туркия технологиялари асосида замонавий линиялар ўрнатилиши режалаштирилган.
Ташриф давомида Иномжон Қурбонов ва масъул ходимлар тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолиятида учраётган масалаларни ўрганиб чиқди ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олди.
Қишлоқ хўжалигида бундай лойиҳаларнинг кўпайиши ҳудудлар иқтисодиёти ривожига, янги иш ўринлари яратилишига ва озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги