Қишлоқ хўжалигида инновациялар масаласи муҳокама қилинди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ва Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамкорлигида Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида «Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароитида ақлли қишлоқ хўжалиги» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли вазирликлар вакиллари, халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертлар ҳамда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти мутахассислари иштирок этди.
Семинарда иқлим ўзгаришига мослашиш, ақлли қишлоқ хўжалиги амалиётлари ва Оролбўйида агро-экотизим яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Шукуров, Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги бўйича катта иқтисодчиси Др.Пиэрре Гербер, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори профессор Ш.Намазов ва бошқалар сўзга чиқиб, семинарнинг аҳамияти, бугунги кунда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
Семинарда иқлим ўзгаришини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудларининг экологик барқарорлигини тиклашга қаратилган илмий тадқиқотлар ҳақида маърузалар қилинди.

Ушбу семинар орқали бугунги кундаги иқлим ўзгариши нафақат қишлоқ хўжалигига, балки бозор иқтисодиётига, ўша ҳудудда яшаётган инсонлар саломатлигига, тупроқ, иқлим ўзгариши орқали ҳудуд экологиясига ҳам катта таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди.
Иқлим ўзгаришини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни тиклаш бўйича илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари бугунги кунда олиб борилаётган тадқиқотларга таянган ҳолда олиб борилаётган илмий ишлар ҳақида иштирокчиларга ўз маърузаларини тақдим этди.
Семинар доирасида иштирокчилар учун Мўйноқ ва Орол денгизи тарихи музейига саёҳат ташкил этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги