Ёшлар бандлигини таъминлаш долзарб вазифа

213

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг битирувчи ёшлари билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф. Эрманов битирувчи ёшларга меҳнат бозоридаги мавжуд имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш, уларнинг бандлигини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ташаббусларини тинглаш ва муаммоларига ечим топиш мақсадида, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг битирувчи ёшлари билан учрашди.

Тадбирда институт ректори Қ.Қодиров, институт проректорлари, барча факультет деканлари, декан ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда битирувчи талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувда Ф. Эрманов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-61-сонли «Олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти ҳақида кенг тушунтириш берди.

Ушбу қарор, аввало, битирувчиларнинг меҳнат бозорига мос равишда тайёрланишини, уларнинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашишини тизимли йўлга қўйишни назарда тутади. Учрашувда мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги амалий чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг, талаба-ёшлар томонидан ўзларини қизиқтирган саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.

– Сўровлар асосан, битирувчиларнинг иш билан бандлиги, бўш иш ўринлари, иш берувчилар билан алоқалар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, шунингдек, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилди, – дейди институт Ахборот хизмати раҳбари Ислом Матеков.

Учрашувда соҳа мутахассислари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, мавжуд имкониятлар ва мавжуд дастурлар ҳақида маълумотлар берди.

Тадбир якунида Ф. Эрманов битирувчи ёшларга ишонч билдириб, уларни фаол, фидойи бўлишга чақирди. Шунингдек, ҳар бир ёшнинг бандлиги ва келажаги давлат эътиборида эканини, бу борада барча зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.

Ушбу учрашув талаба-ёшлар учун нафақат мотивацион руҳ, балки амалий жиҳатдан фойдали бўлган мулоқот майдонига айланди. Учрашув давомида билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги