Донорлик акцияси ўтказилди

Элликқалъа туманида жамиятда инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги донорлик тадбири ташкил этилди.
Ушбу хайрли акция Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Элликқалъа туман Кенгаши ташаббуси билан, туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги қон қуйиш марказида бўлиб ўтди.
“Бор меҳримиз сенга болажон” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирнинг асосий мақсади — қонга муҳтож бўлган болаларга бепул ёрдам кўрсатиш, шу орқали жамиятда ихтиёрий донорлик маданиятини кенг тарғиб қилишдан иборат бўлди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, тадбирда Элликқалъа туман ички ишлар бўлими ходимлари, тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари, партия фаоллари, шунингдек, бир гуруҳ ихтиёрий донорлар фаол иштирок этди. Улар оғир аҳволдаги беморларга ҳаёт бағишлаш йўлида беғараз ва эзгу ишни амалга оширишди.


Шу каби акциялар аҳоли ўртасида ўзаро ҳамдардлик, инсонийлик ва жамиятга фойдали бўлиш туйғусини кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларида доимий қон захирасини яратишга ҳам амалий ёрдам беради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги