Қонунчиликка киритилган янги ўзгаришларга изоҳлар берилди

422

Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан «Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси бўйича кадрлар ишини ташкил этиш ва меҳнатга оид ҳужжатларни расмийлаштириш» мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси, «Республика тез тиббий ёрдам маркази» Қорақалпоғистон филиали, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, АТБ «Халқ банки,» «Қорақалпоқ сув таъминоти» АЖ, Нукус давлат ўрмон хўжалиги ходимлари ва ушбу ташкилотларнинг кадрлар ишларига масъул ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро (туман) судларининг судьялари иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари Б.Қтайбеков бошқариб борди.

Семинарда асосан, Ўзбекистон Республика Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарорини ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси, 2-қисми, 2, 4-5-бандларига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ҳақида сўз юритилди.

– Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 26-сонли қарори бугунги кунда суд-ҳуқуқ амалиётида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси Мийригул Дауменова. – Ушбу қарорда судлар томонидан меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда ягона ёндашувни шакллантириш, амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим таклифлар билдирилди. Ушбу Пленум қарори меҳнат ҳуқуқларининг кафолатли ҳимоясини таъминлашда муҳим норматив-ҳуқуқий манба сифатида хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, меҳнат низолари бўйича суд қарорларининг асослилиги ва адолатлилигини оширишга хизмат қилади.

Семинарда маърузачилар томонидан таъкидланганидек, меҳнат низоларини ҳал этишда судлар томонидан қатор ишлар амалга оширилган.

Ҳар қандай ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмайди. Бу борада янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва бошқа қонун талабларини чуқур ўрганиш, уларнинг аҳамиятини кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга.




Семинарда иштирокчилар томонидан қонунчилигимизга киритилган янги ўзгаришлар бўйича саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси