Намунали беғараз донорлар ва фаоллар рағбатлантирилди

Республика қон қуйиш станциясида 14 июнь – Халқаро донорлар кунига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда Республика даволаш-профилактика муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаларининг мутахассислари, намунали беғараз донорлар, фаоллар, «Шифокорлар ассоциацияси» Қорақалпоғистон филиали, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ходимлари иштирок этди.
Мақсад – республикамизда беғараз донорликни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш орқали қон хавфсизлигига эришиш, 14 июнь – Халқаро донорлар кунини «Қон беринг, умид бағишланг: биз биргаликда ҳаётни сақлаб қоламиз!» шиори остида юқори кўтаринки руҳда нишонлаш, бир-бирига меҳр-мурувватни кучайтириш, намунали беғараз донорларни ва фаолларни рағбатлантиришдан иборат.
Тадбирда сўзга чиққанлар беғараз донорликни ривожлантириш йўлидаги фаолларни самимий қутлаб, бир неча йиллар давомида қон топшириб келаётган беғараз донорларни ва беғараз донорликни ривожлантириш йўлидаги фаолларни рағбатлантирди.





Бир неча йиллар давомида беғараз қон топшириб келаётган донорлар, «Ўзбекистон Республикаси фахрий Донорлари»дан Х.Қурбаниязов ва М.Казахбаев ҳамда касалланиб, кўп миқдорда қон ва унинг компонентларини қабул қилиб шифо топган одамлардан Г.Қурбаниязова ва А.Бекчановлар ҳам сўзга чиқиб, беғараз донорликнинг муҳтож инсонларга фойдаси ҳақида айтиб, фикр-таклифларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги